Мирзиёев БРИКС онлайн саммитида: халқаро кескинлик кучайиб бор
(last modified Sat, 25 Jun 2022 05:21:08 GMT )
июн 25, 2022 10:21 Asia/Tashkent
  • Мирзиёев БРИКС+ онлайн саммитида: халқаро кескинлик кучайиб бор
    Мирзиёев БРИКС+ онлайн саммитида: халқаро кескинлик кучайиб бор

Ўзбекистон президенти БРИКС гуруҳига аъзо давлатларнинг онлайн саммитилда, сўзлаган нутқида халқаро кескинлик кучайиб бораётгани, тизимли иқтисодий инқироз белгилари кўринаётганини айтди.

Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси раиси Си Жинпингнинг таклифига биноан 24 июн куни БРИКС+ форматидаги Глобал тараққиёт масалалари бўйича юқори даражадаги мулоқотда иштирок этди.

Хитой томони раислигида ўтган онлайн форумда дунёнинг 18 мамлакатидан давлат ва ҳукумат раҳбарлари қатнашди.

Саммитнинг асосий мавзуси – глобал шерикликни ривожлантириш ва Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини биргаликда илгари суриш масалалари бўлди.

Хавфсизлик ва барқарорлик борасидаги кўп томонлама ҳамкорлик, савдо ва инвестициялар, “яшил” иқтисодиёт, юқори технологиялар ва инновациялар, рақамлаштириш, транспорт ва логистика, экология, гуманитар соҳаларда амалий шерикликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди деб Кун сайти хабар қилган.

Ўзбекистон президенти транспорт-коммуникациялар соҳасидаги боғлиқликни кучайтириш ҳамда “Шимол – Жануб” ва “Ғарб – Шарқ” трансконтинентал йўналишларига минтақамизни жалб этиш ташаббусини илгари сурди.

БМТнинг бозорларда озиқ-овқат маҳсулотларининг барқарор ва очиқ ҳаракатини таъминлаш бўйича даъвати қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистон ва Хитой етакчилари билан бир қаторда Аргентина президенти Алберто Фернандес, Индонезия президенти Жоко Видодо, Жанубий Африка Республикаси президенти Сирил Рамафоса, Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси, Россия президенти Владимир Путин, Эрон президенти Иброҳим Раисий, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Бразилия вице-президенти Гамилтон Моурау, шунингдек, Камбоджа, Малайзия, Таиланд, Фижи ва Эфиопия ҳукуматлари раҳбарлари иштирок этди.