Ўзбекистондаги энг йирик нефть ва битум кони топилди
Ўзбекистоннинг “Sanoat Energetika Guruhi” ва “Kontiki-Exploration” компанияси томонидан мамлактадаги энг йирик нефть ва битум кони топилди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабарига кўра, “Sanoat Energetika Guruhi” (SEG) “Kontiki-Exploration” компанияси билан биргаликда Навоий вилояти Зарафшон тубсизлигида Ўзбекистондаги энг йирик ўта ёпишқоқ нефть ва битум – “Янги Ўзбекистон” конини топди. Кон Марказий Осиёдаги энг юқори технологияли конлардан бирига айланади.
“Янги Ўзбекистон” кони битумли нефть захиралари тахминан 100 миллион тоннага баҳоланмоқда. Битумли нефть қазиб олиш максимал йиллик даражаси 2025 йилга бориб 1 миллион тоннани ташкил этади. Битумли нефть қазиб олиш даражасини таъминлаш учун йилига 1500 та қудуқ қазиш режалаштирилган. Кейинги 12 йилда конни ўзлаштиришга 2,5 миллиард доллар миқдорида сармоя киритилиши тахмин қилинмоқда деб хабар қилган Кун сайти..
Лойиҳани амалга оширишнинг бошланиши 2021 йил 15 майига тўғри келиб, бунда ушбу муддатда биринчи қидирув қудуғини бурғилаш бошланган. Бурғилаш ишлари Самарқанд ва Навоий вилоятлари чегарасида олиб борилмоқда, баҳолаш ва ўзлаштириш қудуқлари чуқурлиги 400 метрдан 750 метргача. Бурғилаш жараёнида “алб”, “сеноман” ва “турон” даврларига оид шағалтош ва қумтош қатламлари топилган. Уларнинг барчаси нефть, қўшимча ёпишқоқ мой ва битум билан тўйинган.