Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида ҳафтасига 14 та авиарейс йўлга қўйилади
(last modified Sun, 21 Aug 2022 05:13:56 GMT )
август 21, 2022 10:13 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида ҳафтасига 14 та авиарейс йўлга қўйилади
    Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида ҳафтасига 14 та авиарейс йўлга қўйилади

Шавкат Мирзиёевниннг Саудия Арабистонига давлат ташрифи доирасида авиақатновлар борасида меморандум имзоланган. Унга кўра, икки мамлакат ўртасида ҳафтасига 14 та авиарейс қатнови йўлга қўйилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон ва Саудия  ўртасида авиарейслар Ўзбекистондан Саудиянинг Ар Риёд, Жидда ва Мадина шаҳарларига амалга оширилади. Ўзбекистоннинг қайси шаҳарларидан рейс қўйилиши ҳозирча маълум эмас.

Жасур Чориев шу вақтгача Ўзбекистондан Саудияга фақат ҳаж ва умра зиёрати учун рейслар қўйилгани, эндиликда бошқа мақсадда борувчилар ҳам, хусусан, тадбиркорлик билан шуғалланадиганлар ҳам парвозлардан фойдаланиши мумкинлигини айтган.

«Менимча» телелойиҳасида Шавкат Мирзиёев Саудиянинг «Flynas» авиакомпанияси бошқарув кенгаши раиси Айед Тавоб ал Жиайд билан қилган мулоқоти ҳам кўрсатилди. Унда Ўзбекистон президенти саудиялик тадбиркордан Ўзбекистонда фаолият бошлаш учун нима тўсиқ бўлаётганини сўраб, ҳаммаси жойида бўлса, амалий ишларни тезроқ бошлашни сўради.

«Flynas» раҳбарининг айтишича, Жиддадан Тошкентга сентябр ойидан бошлаб ҳафтасига учта рейс қўйиш борасида келишиб олинган. Шунингдек, компания бошқарув раиси саудияликларга Ўзбекистоннинг гўзал жойларини сайёҳлик йўналиши сифатида таклиф қилинишини айтган. Шавкат Мирзиёев «Flynas»га барча шароит яратиб берилишини айтиб, бошқа ҳеч бир хорижий авиакомпанияга бундай эркинлик тақдим этилмаганини таъкидлади.

Аввалроқ саудияликлар учун Ўзбекистонга боришда визасиз режим жорий қилинганди. Унга кўра, саудияликлар 30 кун давомида Ўзбекистонда визасиз бўлиши мумкин. Янги тартибга кўра Ўзбекистонга келган саудияликлардан бу вақт ичида Саудияга ёки учинчи давлатга жўнаш учун чипталари бўлишигина талаб қилинади.