Тошкентда ўтказилган ШҲТга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари қўшма коммюнике имзолади
Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га раислиги доирасида кеча Тошкентда ташкилотга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) га аъзо давлатлар мудофаа вазирлари учрашувида халқаро ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди, мудофаа ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича вазифалар белгиланди.
Бу ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатлар, ташкилот маконида хавфсизликни мустаҳкамлаш ва барқарорликни таъминлаш, ковид пандемияси салбий оқибатларини бартараф этишда ҳамкорликни давом эттириш масалалари келишиб олинди.
Йиғилишда қуйидаги масалалар кўриб чиқилди:
ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик, барқарорлик ва осойишталикни таъминлаш мақсадида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини кенгайтириш ва кўмаклашишни давом эттириш;
ШҲТ ва бошқа минтақавий ҳамкор ташкилотлар ўртасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш;
ташкилотга аъзо давлатлар қуролли кучлари ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳарбий маданият соҳасида алмашувни мустаҳкамлашда муҳим платформа бўлган ҳарбий оркестрлар “Тинчлик навоси” фестивали ўтказилишини давом эттириш ва бошқа масалалар.
ШҲТга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари йиғилиши якунлари бўйича қўшма коммюнике имзоланди. Ҳужжатда бир қатор тадбирлар, қўшма машғулотлар ва ўқувлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Тадбир сўнгида ШҲТга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари навбатдаги йиғилишини 2023 йилда Ҳиндистонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.