Ўзбекистон ва Россиянинг иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 23-йиғилиши ўтказилди
Ўзбекистон-Россия савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича келгуси режалар белгилаб олинганини Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарр берди.
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 23-йиғилиши бўлиб ўтди.
Ҳукуматлараро комиссиянинг 23-йиғилишида Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ҳамда Россия ҳукумати раисининг ўринбосари – саноат ва савдо вазири Денис Мантуров ҳамраислик қилди.
Кун тартиби доирасида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар ҳамкорликка оид кенг кўламли масалалар кўриб чиқилди.
“Тадбирда кейинги йилларда ижобий ўсиш тенденцияси кузатилаётган ўзаро савдони ривожлантириш истиқболлари таҳлил қилинди. Мутасадди раҳбарларга икки томонлама савдони диверсификация қилиш ва унинг ҳажмини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича амалий чора-тадбирлар кўриш топширилди”, - дейилади хабарда.
Икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясининг ҳудудлар ва тармоқлар кесимидаги жорий ҳолати кўриб чиқилди.
Қуйидаги соҳаларда янги лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалдаги қўшма лойиҳаларни жадаллаштиришга келишиб олинди:
Нефт-кимё, тоғ-кон металлургия;
Энергетика;
Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика;
Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш;
Енгил саноат, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш.