Исматулла Эргашев Брюсселда ЕИнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Никлассон билан учрашди
Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев Брюссел шаҳрида Европа Иттифоқининг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Никлассон билан музокаралар ўтказди
Учрашувда, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, мамлакатга тезкорлик билан гуманитар ва бошқа турдаги ёрдамларни кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари кўриб чиқилди
Европа Иттифоқининг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Никлассон Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади, жорий йил июл ойи охирида Тошкентда “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусидаги халқаро конференция муваффақиятли ўтказилганини алоҳида таъкидлади.
Ушбу мамлакатнинг янги ҳукумати томонидан кенг вакилликка асосланган ҳукумат тузиш, асосий инсон ҳуқуқларини, аёллар ва мамлакатдаги миллий озчиликлар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш борасидаги халқаро ҳамжамиятнинг асосий талаблари бажарилиши муҳимлиги таъкидланди.
Томас Никлассон Ўзбекистон томонининг Афғонистоннинг янги ҳукуматга нисбатан жаҳон ҳамжамияти яхлит позициясини ишлаб чиқмасдан туриб, ўткир ижтимоий-гуманитар инқирозни бартараф этиш, мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик ўрнатишга кўмаклашиб бўлмайди, деган фикрига қўшилди.
Ўзбекистон ва ЕИ вакиллари афғон муаммоси бўйича ҳам икки томонлама асосда, ҳам Марказий Осиё давлатлари махсус вакиллари даражасида маслаҳатлашувларни давом эттиришдан ўзаро манфаатдор эканини билдирди.