Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо
Бугун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хорижий инвесторлар кенгаши биринчи ялпи мажлиси ҳамда ЕИ ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Самарқанд конференциясида иштирок этиш учун мамлакатга келган Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо билан учрашди.
Учрашувда ЕТТБ билан ҳамкорлик жорий ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Мирзиёев охирги олти йилда Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли молиявий институти билан алоқалари мисли кўрилмаган даражага кўтарилганини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев ва Одиль Рено-Бассо учрашувида, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш, энергетика, транспорт-логистика, соғлиқни сақлаш, таълим, уй-жой коммунал хўжалик соҳаларида ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш, «яшил» тараққиёт, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш каби устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Одиль Рено-Бассо мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни юксак баҳолади ҳамда сермаҳсул шерикликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Келгуси йилда Самарқанд шаҳрида банк бошқарувчилари навбатдаги йиллик йиғилишини ўтказишга тайёргарлик амалий жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди.