Ўзбекистонга ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловни кузатиш бўйича миссияси раҳбари келмоқда
(last modified Tue, 01 Nov 2016 09:39:06 GMT )
ноябр 01, 2016 14:39 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонга ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловни кузатиш бўйича миссияси раҳбари келмоқда

Ўзбекистонга ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловни кузатиш бўйича миссияси раҳбари келмоқда

Жорий йилнинг 1 ноябрь куни Тошкентга Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ)нинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловни кузатиш бўйича миссияси раҳбари Йохан Петер Трауготт Тейлер келмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 2016 йил 28 октябрдаги қарори билан ЕХҲТга аъзо бўлган 13 та мамлакатдан 17 нафар кишидан иборат ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилар миссияси асосий гуруҳини рўйхатга олган.Асосий гуруҳ икки – таҳлилий ва тезкор бўлинмадан иборат бўлиб, бутун миссия тўлақонли ишлашини, шу жумладан сайлов билан боғлиқ барча ахборотлар тўплаш, умумлаштириш ва якуний таҳлил қилишни ҳамда миссия ва ЕХҲТ ДИИҲБ ўртасида доимий алоқани, шунингдек ДИИҲБ бош қароргоҳидан миссияга зарур ёрдам кўрсатилишини таъминлайди.

Миссия раҳбари Йохан Петер Трауготт Тейлер Швеция фуқароси, 1949 йилда туғилган, санъат магистри даражасига эга бўлиб, унинг дипломатик хизматда 40 йиллик тажрибаси бор. Турли йилларда Швеция Ташқи ишлар вазирлигида, шунингдек Швециянинг Суриядаги дипломатик ваколатхонасида ишлаган, Покистон, Афғонистон, Жанубий Африка Республикаси ва бошқа мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарига раҳбарлик қилган. 2012—2016 йилларда Швециянинг Эрон Ислом Республикасидаги элчиси бўлган.