Ўзбекистон ва Туркия маҳкумларни топшириш тўғрисидаги битимни ратификация қилмоқчи
Ўзбекистон Сенатнинкечанги ўттиз олтинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Туркия ҳукумати ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақида»ги қонун муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ОАВларига кўра, бу халқаро битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонун Ўзбекистон ва Туркия фуқароларига суд томонидан тайинланган жазони ўз мамлакатида ўташ учун ҳуқуқий асос ва имконият яратади. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатга кўра маҳкумлар қонунда белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ келишаётган томонларнинг мурожаатлари асосида берилади.
Ўзбекистон билан Туркия ҳукумати ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги битимни ратификация қилишни муҳокамаси чоғида сенаторлар маҳкумларнинг жазони ўз юртида ва жамиятида ўташи уларга яқинлари билан мунтазам кўришиб туриш имконини беришини, бу эса оилавий муносабатларга ижобий таъсир кўрсатишини, шунингдек, маҳкумларнинг жамият ижтимоий ҳаётига мослашишига ёрдам беришини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Туркия ҳукумати ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги битимни ратификация қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада самаралироқ ҳимоя қилиш имконини беради, республиканинг халқаро майдондаги ижобий нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Муҳокама якуни бўйича сенаторлар битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллади.