Шавкат Мирзиёев Туркия вице-президентини қабул қилди
-
Шавкат Мирзиёев Туркия вице-президентини қабул қилди
Шавкат Мирзиёев кеча, 15 май куни, Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Спутник сайтининг Ўзбекистон матбуот хизматига таяниб хабар қилишича, Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Кеча Тошкент шаҳрида ўтган Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши, бизнес мулоқоти ва кўргазманинг самарали натижалари юксак баҳоланди. Товар айирбошлашни, шу жумладан Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товарлар номенклатурасини кенгайтириш орқали янада кўпайтириш бўйича ўзаро мувофиқлашган чоралар кўриш муҳим экани таъкидланди.
Инновациялар, энергетика, саноат, фармацевтика, тўқимачилик, туризм, таълим ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш, кооперация лойиҳаларининг янги портфели ва маданий-гуманитар алмашинув дастурини шакллантириш зарурлиги таъкидланди.