Ўзбекистон президенти Озарбайжон республикаси иқтисодиёт вазирини қабул қилди
Ўзбекисон президенти Озарбайжон республикаси делегацияси бошчилигида мамлакатимизга келган иқтисодиёт вазири, икки томонлама Ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси Микойил Жабборовни қабул қилди.
Хабарга кўра, мутасадди қўшма Ҳудудлар форумининг биринчи йиғилиши ва Ишбилармонлар кенгашининг учрашувида иштирок этиш учун келган. Учрашувда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Учрашув аввалида иқтисодиёт вазири Микойил Жабборов давлат раҳбарига Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Мирзиёев ва Микойил Жабборов суҳбатида автомобилсозлик, тўқимачилик ва ипакчилик тармоқларида кооперасия лойиҳалари жадал амалга оширилаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Қўшма инвестисия жамғармасини тузиш тўғрисида битим имзоланмоқда. Нефть-газ тармоғида, транспорт ва логистика соҳаларида истиқболли лойиҳалар тайёрланмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорлик кўламини, жумладан, амалга оширилаётган маҳаллийлаштириш дастури доирасида янада кенгайтириш муҳим экани қайд этилди.