Ўзбекистон ҳарбийлари Покистонда ўтказилган халқаро армия ўйинларида ғолиб бўлдилар
Ўзбекистон ҳарбийлари Покистонда ўтказилган «Жамоавий руҳ» 6-халқаро армия ўйинларида қаторасига учинчи марта ғолиб бўлди. Кейинги ўринларни Саудия Арабистони, Қозоғистон ва Таиланд жамоаларига насиб этди.
Покистоннинг Хариан шаҳрида «Жамоавий руҳ» 6-халқаро армия ўйинлари ўз якунига етди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
Мусобоқада 11 та хорижий давлатдан ҳарбий ва махсус хизматлар жамоалари иштирок этди. Баҳслар якунига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси 1-ўринни қўлга киритди. Кейинги ўринларни Саудия Арабистони, Қозоғистон ва Таиланд жамоалари банд этишган.
Ўзбекистон ҳарбийлари 2021 ва 2022 йилларда ҳам мазкур баҳсларда бош совринни эгаллаган. Бўлиб ўтган мусобақалар жанговар жараёнларга яқин бўлган қийин вазифалар, маҳорат ва махсус кўникмаларни талаб қилувчи топшириқлардан ташкил топган.
Покистон Қуролли кучлари Қуруқликдаги қўшинлари қўмондони генерал Асим Мунир Ўзбекистон жамоаси раҳбари — Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғига мусобақа бош соврини ва мукофотларни топширди.
«Ўзбекистон терма жамоаси яна бир бор юқори профессионализм ва юксак ҳарбий тайёргарликка эга эканлигини намойиш этди. Армия мусобақаларида Ўзбекистоннинг доимий иштирок этиб келаётганидан биз жуда хурсандмиз», — деди генерал Асим Мунир.