Шавкат Мирзиёев: Ўзбекистонда 11 млрд $га тенг хорижий инвестициялар ўзлаштирилади
(last modified Wed, 29 Mar 2023 06:25:36 GMT )
март 29, 2023 11:25 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев: Ўзбекистонда 11 млрд $га тенг хорижий инвестициялар ўзлаштирилади
    Шавкат Мирзиёев: Ўзбекистонда 11 млрд $га тенг хорижий инвестициялар ўзлаштирилади

Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган инвестиция, экспорт ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича йиғилишда Ўзбекистонда шу йилнинг ўзида қарийб 11 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилгани маълум этилди.

Ўзбекистон ҳудудларида 23 миллиард долларлик 12 мингта янги лойиҳа, шу жумладан, 3 мингдан зиёд саноат лойиҳалари ишга туширилиши белгиланган.

Ўзбекистон мутасаддиларнинг ҳисоботига кўра, йил бошидан 764 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилган, 1 минг 300 та йирик ва ўрта лойиҳалар ишга туширилган. Экспорт 3 миллиард долларни ташкил қилган.

Мирзиёев  бу натижалар етарли эмаслигини, дунёдаги ҳозирги мураккаб вазиятда икки карра кўпроқ ҳаракат қилиш кераклигини таъкидлади.

Ўзбекистон президенти ишга тушадиган лойиҳалар ижросини ҳудудлар ва тармоқлар кесимида кунлик назорат қилиб, муаммоларни ҳал қилиб бориш зарурлигини қайд этди.

“304 та йирик ва 3 мингта ҳудудий лойиҳаларни ишга туширилиши натижасида шу йилнинг ўзида 10 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва 200 миллион долларлик экспорт қилиш имкониятлари мавжуд”, - дейилади хабарда.

Ташқи бозорларни доимий таҳлил қилиб, янги бозорларни ўзлаштириш, янги транспорт йўлакларини топиш бўйича кўрсатмалар берилди. Рақобат кучайиб бораётган айни пайтда маҳсулотлар сифатини ошириш ва таннархини тушириш муҳимлиги қайд этилди.