Берлинда Шавкат Мирзиёев ва Олаф Шольцнининг музокаралари бўлиб ўтди
(last modified Wed, 03 May 2023 05:08:38 GMT )
май 03, 2023 10:08 Asia/Tashkent
  • Берлинда Шавкат Мирзиёев ва Олаф Шольцнининг музокаралари бўлиб ўтди
    Берлинда Шавкат Мирзиёев ва Олаф Шольцнининг музокаралари бўлиб ўтди

Шавкат Мирзиёев 2 май куни Берлинга ташрифини ушбу мамлакат федерал канцлери Олаф Шольц билан музокаралардан бошлади.

Шавкат Мирзиёев ва Олаф Шольц учрашувида, ўзаро товар айирбошлаш ва қўшма лойиҳалар сони 2 баробар ортгани таъкидланди. Германиядан Ўзбекистонга инвестициялар ҳажми 5,5 миллиард долларга етди, шундан 4 миллиард доллар охирги 6 йилда жалб қилинган.

Томонлар сиёсий мулоқотни давом эттириш муҳимлиги қайд этишди.  Мирзиёев ва Шольц ташриф чоғида Кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисида Ҳукуматлараро декларация имзоланишини олқишлади. Уни ташқи ишлар вазирлари Бахтиёр Саидов ва Анналена Бербок имзолади.

Музокаралар чоғида «Германия — Марказий Осиё» форматида мулоқот майдонини ишга туширишга келишиб олинди.

Минтақада, шу жумладан, Афғонистондаги вазиятни инобатга олган ҳолда хавфсизликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу мамлакат учун гуманитар лойиҳаларни давом эттириш, шу жумладан, Термиздаги логистика мажмуаси ва Афғон ёшлари учун таълим маркази имкониятларидан фойдаланиш зарурлиги қайд этилди деб хабар еради Шазета.уз сайти.

Транспорт ва логистикани ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган самарали йўналишни шакллантиришга хизмат қилувчи Транскаспий йўлагини биргаликда ривожлантириш бўйича якдил фикр билдирди.

Маданий-гуманитар ҳамкорликнинг кун тартиби бой экани қайд этилди. Германия томони шу кунларда Берлин шаҳрида Ўзбекистоннинг маданий меросига бағишлаб очилаётган ноёб кўргазмани юқори баҳолади.

Ўзбекистонда немис тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётгани мамнуният билан таъкидланди. Германия ҳукумати мамлакат ҳудудларида немис тилини ўқитишни кенгайтиришга техник кўмак кўрсатиши тўғрисида келишиб олинди.

Ташриф доирасида иқтисодиёт, савдо, молия, таълим, фан ва инновация соҳаларида 16 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжат имзоланди.

Шунингдек, Берлинда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Германия бизнес-форум юксак баҳоланди. Унинг якунида умумий қиймати 9 миллиард долларлик савдо, инвестициявий ва технологик лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди.

«Яшил» энергетика, қазиб чиқариш, кимё, фармацевтика тармоқларида, транспорт инфратизулмасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, инновация ва бошқа соҳалардаги кооперация лойиҳалари шулар жумласидан.