май 09, 2023 09:30 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Москвада Владимир Путин билан учрашди
    Шавкат Мирзиёев Москвада Владимир Путин билан учрашди

Москвага амалий ташриф билан борган Ўзбекистон президенти Кремлда Россия президенти билан учрашди. Икки давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Сешанба куни амалий ташриф билан Москвага борган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Кремлда Россия президенти Владимир Путин билан учрашди.

Шавкат Мирзиёев матбуот хизматининг хабар қилишича, Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Устувор йўналишлардаги кўп қиррали амалий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Суҳбат аввалида икки мамлакат етакчилари Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 78 йиллиги муносабати билан бир-бирини самимий қутлаб, фахрийлар, дўст халқларга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.

Россия президенти Ўзбекистон раҳбарини Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича умумхалқ референдуми муваффақиятли ўтказилгани билан ҳам табриклади.

Президентлар ўзаро товар айирбошлаш суръатини таъминлаш бўйича мувофиқлаштирилган чораларни кўриш зарурлигини қайд этдилар. Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари даражасидаги фаол мулоқотлар қўллаб-қувватланди.

Бундан ташқари, томонлар жадал маданий-гуманитар алмашинувни давом эттиришдан, жумладан, соғлиқни сақлаш, фан ва таълим, маданият ва санъат соҳаларида тадбирлар ўтказишдан манфаатдор эканини билдирди.

Шавкат Мирзиёев 9 май куни Москвада Ғалабанинг 78 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этади. Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Арманистон раҳбарлари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Ёрлиқ