май 16, 2023 10:30 Asia/Tashkent
  • МСК барча партияларга президент сайловида қатнашишга рухсат берди
    МСК барча партияларга президент сайловида қатнашишга рухсат берди

Душанба куни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 5 та сиёсий партия — ХДП, ЎзЛиДеП, «Адолат», Экологик партия ва «Миллий тикланиш» партияларига 9 июлдаги муддатидан аввалги президент сайловида қатнашишга ижозат берди. Улар 1 июнгача ўз номзодини рўйхатдан ўтказиши мумкин.

Марказий сайлов комиссияси 15 май куни Ўзбекистондаги 5 та сиёсий партияга 9 июлда бўлиб ўтадиган муддатидан аввалги президент сайловида иштирок этишга рухсат берди.

МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоровнинг сўзларига кўра, партиялар томонидан белгиланган муддатда Сайлов кодексининг 63-моддасида кўрсатилган барча ҳужжатлар тақдим этилган. Шундан келиб чиқиб, комиссия аъзолари бир овоздан сайловда иштирок этиш учун ижозат бериш тўғрисидаги қарорларни маъқуллаб овоз берди.

Мажлис доирасида сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларига сайловда иштирок этишга ижозат берилгани тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда белгиланган намунадаги имзо варақалари бланкалари топширилди. Эндиликда партиялар Ўзбекистондаги барча сайловчилар умумий сонининг камида 1 фоизи имзосини тўплаши керак. Шу билан бирга, битта маъмурий-ҳудудий бирликда (Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) сиёсий партия уларнинг умумий сонининг 8 фоизидан кўп бўлмаган имзо тўплаши мумкин.

Энди сиёсий партиялар 1 июнга қадар МСКга Ўзбекистон президентлигига номзодни рўйхатга олишни сўраб ариза билан мурожаат этиши мумкин.

 

Ёрлиқ