Ўзбекистонда жиноятчилик сони 4 йилда қарийб 3 бараварга ошди
Ўзбекистонда судланганлар ва озодликдан маҳрум қилинганлар сони 4 йилда каррасига ошган. Судланган вояга етмаганларнинг сони 3 баравардан кўпроққа ошган. Бу Олий суд очиқлаган статистик маълумотларига таяниб газета. уз хабар бермоқда.
Ўзбекистон Олий суди 4 йил (2019−2022) давомида кўриб чиқилган ишлар, судланганлар сони ҳамда уларнинг жинси ва жазо турлари бўйича статистик маълумотларни очиқлади.
Унда келтирилишича, биринчи инстанция судларида кўриб чиқилган жиноят ишлари ва судланувчи шахслар сони 4 йил давомида ўсиб борган.
Бунда 2019 йилда кўрилган ишлар 28 846 та ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 58 697 тага етган. Судланувчи сифатида қатнашган шахслар мос равишда қарийб 2 бараварга ошиб, 36 845 нафардан 75 078 нафарга етган.
Статистикага кўра, 2019 йилда 27603 киши судланган бўлса, 2022 йилга келиб бир йилда 56 мингдан ортиқ шахс судланган (2-жадвал).
Олий суд тақдим этган рақамларга кўра, мамлакатда оғир ва ўта оғир турдаги баъзи жиноятларни содир этиш ҳам ўсган. Хусусан, тўрт йилда қасддан одам ўлдириш билан боғлиқ жиноятлар 2019 йилда 376 тани ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб 422 тага етган. 2021 йилда эса 440 тани ташкил этган.
Бундан ташқари, номусга тегиш билан боғлиқ жиноятлар сони ҳам ошган. Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш бўйича жиноятлар тўрт йилда 2 баробардан кўпроққа ошган.
Статистик маълумотда келтирилишича, судланганлар орасида вояга етмаганлар сони тўрт йилда 3,5 бараварга ошган. Хусусан, 2019 йилда бу кўрсаткич 497 тани ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб 1773 тага етган.
Тўрт йилда озодликдан маҳрум қилинганлар сони қарийб 3 баробар ортган. Улар сони 2019 йилда 6955 киши бўлган бўлса, 2022 йилда 17610 кишига етган.