Ўзбекистонда биринчи ярим йилликдаги давлат бюджети дефицити 29 трлн сўмдан ошган
(last modified Mon, 07 Aug 2023 08:55:44 GMT )
август 07, 2023 13:55 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонда биринчи ярим йилликдаги давлат бюджети дефицити 29 трлн сўмдан ошган
    Ўзбекистонда биринчи ярим йилликдаги давлат бюджети дефицити 29 трлн сўмдан ошган

Жорий йилнинг ўтган 6 ойида Ўзбекистон давлат бюджети даромадлари қарийб 100 трлн сўмни, бюджет харажатлари эса 129 трлн сўмни ташкил этган.

4 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда 2023 йил биринчи ярим йиллигидаги давлат дастури бажарилиши юзасидан қилинган ишлар ҳисоботи кўриб чиқилди.

Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг маълум қилишича, ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулот ўсиши 5,6 фоизни ташкил этган. Шунингдкек, давлат бюджети дефицити ҳам 29 трлн сўмдан ортиб кетган.

Ўтган 6 ойда ўзбекистон давлат бюджети даромадлари қарийб 100 трлн сўм бўлиб, шундан 76 трлн сўм солиқ тушумлари, 24 трлн сўм эса божхона йиғимлари ҳисобига шакллантирилган.

Мазкур даврда давлат бюджети харажатлари 129 трлн сўмдан ошган. Шундан 65 трлн сўми ижтимоий соҳаларга йўналтирилган.

Ялпи ички маҳсулот 2023 йил ярим йиллиги бўйича 469,9 трлн сўмни ташкил этгани ҳисобга олинса, давлат бюджети дефицити деярли 6,2 фоизга етгани маълум бўлади.