Ўзбекистон ва Қозоғистон Қуролли кучлари ҳамкорликдаги ўқув-машғулотини якунлади +тасвирлар
Қозоғистоннинг Ақтау шаҳридаги "Оймаша" полигонида Ўзбекистон ва Қозоғистон Қуролли Кучлари махсус бўлинмалари ҳамкорлигидаги махсус-тактик ўқувлари якунланди.
Дастлаб ҳар икки давлатнинг мудофаа вазирлари ҳарбий полигон бўйлаб ҳарбий хизматчиларнинг 10 дан ортиқ ўқув нуқталарида ўтказаётган махсус-тактик машқларини кузатди, бевосита унда иштирок этди ва жанговар қуроллардан ўқ узди.
Ҳарбий хизматчилар тезкор куч ва воситалар билан ҳамкорликда шартли душманни яксон этиш бўйича ҳаракатларни бошлади. Махсус бўлинмалар учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланган ҳолда разведка-қидирув ҳаракатларини олиб бориб, террорчи гуруҳларнинг жойлашган ҳудудни аниқлади.
Шундан сўнг, шартли душман жойлашган ҳудуд ўққа тутилди. Махсус бўлинмалар замонавий қуролли можаролар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда янги тактик усулдан фойдаланиб, ҳамкорликда яқин масофада жанг қилди. Бунда белгиланган вазифани бажариш вақтида оловли қўллаб-қувватлов гуруҳига зирҳланган техникалар ҳамроҳлик қилди ва шартли душман батамом яксон этилди.