Ўзбекистон ва Тожикистон парламентлари ҳамкорлик тўғрисида битим имзолади
(last modified Wed, 13 Sep 2023 16:56:10 GMT )
сентябр 13, 2023 21:56 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва Тожикистон парламентлари ҳамкорлик тўғрисида битим имзолади
    Ўзбекистон ва Тожикистон парламентлари ҳамкорлик тўғрисида битим имзолади

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева Душанбеда Тожикистон Мажлиси милли Мажлиси Оли раиси Рустам Эмомали билан учрашди.

Таъкидланишича, суҳбатда икки томонлама алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистон ҳамда Тожикистон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, савдо-иқтисодий, маданий гуманитар, айниқса, парламентлараро мулоқотни самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро ҳамкорликнинг юқори даражаси эътироф этилди. Қўшма маданий тадбирлар, жумладан зиёлиларнинг икки томонлама форумларини, санъат усталарининг қўшма концерт ва гастролларини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, “зиёрат туризми”ни ривожлантириш бўйича самарали чоралар кўришга келишиб олинди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Тожикистон Мажлиси милли Мажлиси Оли ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Унда парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, олий даражада эришилган келишувлар ижроси юзасидан қўшма парламент мониторингини амалга ошириш, халқаро парламент тузилмалари доирасида яқин ҳамкорликни давом эттириш масалалари акс этди.

Маьлумот учун, Нарбаева бошчилигидаги делегация “Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига мослашиш шароитида гендер тенгликка эришиш” мавзусида ўтказиладиган Марказий Осиё етакчи аёллар мулоқотининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Душанбеда бўлиб турибди.