Тожикистонда Ўзбекистон савдо уйи очилди
-
Тожикистонда Ўзбекистон савдо уйи очилди
Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси томонидан Тожикистон пойтахтида ташкил қилинган навбатдаги Ўзбекистон савдо уйининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир давомида икки давлат тадбиркорлари ўртасида B2B учрашувлари ҳам бўлиб ўтди.
Спутник сайтининг хабар қилишича, ўтган бир йил давомида Тожикистонга 115 млн долларлик қурилиш материаллари экспорт қилинган:
металл маҳсулотлари 34 миллион долларлик;
қуруқ қурилиш аралашмалари ва цемент буюмлари 13 миллион долларлик;
сопол буюмлар 12 миллион долларлик;
қувурлар ва пластмасса маҳсулотлари 23 миллион долларлик;
ДСП ҳамда МДФ плиталари 11 миллион долларлик;
шиша ва шиша буюмлар 7 миллион долларлик.
“Тожикистон Ўзбекистон қурилиш материаллари экспортида юқори улушга эга бўлган давлатлар рўйхатида иккинчи ўринни қад этиб, мамлакатнинг ушбу соҳадаги ишончли ҳамкорлардан бири саналади. Шу билан бир қаторда "Made in Uzbekistan" ёрлиғи остидаги қурилиш маҳсулотларига бўлган талаб Тожикистон бозорида йилдан-йилга ортиб бормоқда”, — дейилади хабарда.
Ҳозирда Тожикистонга газобетон блоклари, иссиқлик сақловчи плиталар, табиий тошлар ва гулқоғозлар экспортини янада ошириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.