сентябр 28, 2023 12:49 Asia/Tashkent
  • Сергелидаги портлашда 163 киши жароҳатланди 
    Сергелидаги портлашда 163 киши жароҳатланди 

Тошкент шаҳри Сергели тумани «Қурувчилар» даҳасида жойлашган омборхонада рўй берган портлаш оқибатида 163 киши жароҳатланган, бир ўсмир ҳалок бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Шундан жами 24 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг Тошкент вилояти филиали, Тошкент шаҳри тез тиббий ёрдам шифохонаси, 1-сонли Республика ва 1-сонли шаҳар клиник шифохоналари ҳамда 1-сонли шаҳар туғуруқхонасига ётқизилган. Тошкент шаҳри Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Нодир Сотволдиев уларнинг аҳволи ўртача оғирликда эканини билдирди.

Қолган 138 нафар жабрланган аҳоли вакилининг саломатлиги яхши бўлганлиги учун амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган, дейилади хабарда.

Шунингдек, портлаган омбор яқинидаги кўп қаватли уйда яшаган 11-синфда ўқувчи бола бошига ром тушиб кетиши оқибатида ҳалок бўлган. У тумандаги 305-сонли мактабда ўқиган.

Айни пайтда юқоридаги шифохоналарда даволанаётган беморлар орасида ўта оғир тан жароҳати олганлар йўқ. Уларнинг саломатлиги қониқарли, дея таъкидлади вазирлик.

Ушбу портлаш иши бўйича Тошкент шаҳар Сергели туманидаги фавқулодда ҳолат юзасидан ИИВ Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” ва ”б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилди. Шунингдек, бўлган портлаш юзасидан Ҳукумат комиссияси тузилди. Унга бош вазир ўринбосари Ачилбой Раматов бошчилик қилади.

Ёрлиқ