Самарқанд вилоятида Хитой сармояси асосида йирик цемент заводи ишга туширилди
Айни пайтда бу нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёдаги йирик цемент ишлаб чиқариш линиясидир.
Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги Янгиҳаёт массивида йирик саноат объекти – йилига 3 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга “HENGYUAN CEMENT” хорижий корхонаси ишга туширилди.
Лойиҳа 351 миллион долларлик тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига амалга оширилди. Инвестор Хитойнинг ENERGY CHINA энергетика муҳандислик гуруҳидир.
38,5 гектар майдонда барпо этилган мазкур иншоотга Хитойдан келтирилган замонавий ускуналар ўрнатилган. Кунига 7,5 тонна цемент ишлаб чиқариш режалаштирилган. Заводнинг йиллик экспорт қуввати 82 миллион долларни ташкил этади. Маҳсулотнинг 30 фоизи Европа ва бошқа мамлакатларга экспорт қилиниши кўзда тутилган.
Ишлаб чиқаришда Каттақўрғон, Нуробод ва Нарпай туманларидаги карерлардан қазиб олинган маҳаллий хомашёдан фойдаланилади.