Доҳада Шавкат Мирзиёев ва Қатар амири билан музокаралар ўтказди
(last modified Mon, 02 Oct 2023 12:24:09 GMT )
октябр 02, 2023 17:24 Asia/Tashkent
  • Доҳада Шавкат Мирзиёев ва Қатар амири билан музокаралар ўтказди
    Доҳада Шавкат Мирзиёев ва Қатар амири билан музокаралар ўтказди

Доҳадаги “Амири Девон” мажмуасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг икки мамлакат расмий делегациялари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев ва Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалаларини кўриб чиқишди.

Ўзбекистон билан Қатар ўртасидаги ҳамкорликни янада юқори, стратегик шериклик даражасига олиб чиқишга қатъий интилиш билдирилди

Томонлар савдо кўрсаткичларини каррасига ошириш, анъанавий ва “яшил” энергетика, нефть-кимё, металларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш, туризм, молия ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш учун 2024 йил январь ойида Доҳада қўшма Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишлари ва бизнес форумини ўтказиш таклиф қилинди.

Ўзбекистон Қатарнинг илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, биотехнологиялар ва сунъий интеллект, “яшил” энергетика борасида қўшма тадқиқотлар ўтказишдан манфаатдор экани таъкидланди. Доҳада Ўзбекистон маданияти ва туризм ҳафталигини ўтказишга келишиб олинди.

Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди. Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалий илгари суриш масалаларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди.Томонлар Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш муҳимлиги ҳақида якдил фикр билдирдилар.

Учрашув якунида давлат раҳбарлари бир қатор қўшма “йўл харита”ларини тайёрлаш ва эришилган келишувларни самарали рўёбга чиқариш механизмларини яратиш топшириғини бердилар.Музокаралардан сўнг икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланди.