Осиё Ўйинлари-2022. Ўзбекистон Жанубий Кореяга мағлуб бўлиб, финалдан мосуво бўлди
Осиё Ўйинлари-2022 футбол дастури ярим финал доирасидаги баҳслар якунланиб, финалчилар ва 3-ўрин учун курашадиган жамоалар номи маълум бўлди.
Ҳангжоудаги ўйинда Темур Кападзе мураббийлигидаги Ўзбекистон олимпия жамоаси Жанубий Кореяга қарши майдонга тушди. 4-дақиқадаёқ Чон Ву Ён ҳисобни очди – 1:0.
25-дақиқага келиб Жасур Жалолиддинов жарима зарбасидан йўллаган ажойиб голи эвазига ҳисобни тенглаштирди – 1:1.
38-дақиқага келиб эса ҳимоядаги ўта қўпол хатодан кейин Чон Ву Ён осонлик билан дублини расмийлаштирди – 2:1.
Иккинчи бўлимда вакилларимиз ҳисобни тенглаштириш учун ҳар қанча уринишмасин, кореяликлар ғалабани сақлаб қолишди. Устига-устак Бўриев 75-дақиқада иккинчи марта огоҳлантирилиб, майдондан четлатилди.
Иккинчи яримфинал баҳсида Япония Ҳонгконгни йирик 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Шу тариқа, турнирнинг амалдаги чемпиони Жанубий Корея финалда Японияга қарши ўйнайдиган бўлди. Ўзбекистон эса бронза медали учун яна ўша Ҳонконгга қарши майдонга тушади. Бу турнирдаги ўзаро 3-ўйин бўлади. Баҳслар 7 октябр куни бўлиб ўтади.