Мирзиёев, Путин ва Тўқаев рус газини Ўзбекистонга етказилиши жараёнига старт берди
Энди Россия Федерацияси гази Ўзбекистонга Қозоғистон орқали транзит йўл билан келади, унинг бир қисми эса Қозоғистонга ҳам етказиб берилади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия ва Қозоғистон раҳбарлари Владимир Путин ҳамда Қосим-Жўмарт Тўқаев билан биргаликда Россия газини етказиб бериш жараёнига старт берди.
ТАСС хабарига кўра, Путин аввалроқ Марказий Осиёга Россияда ишлаб чиқарилган газ ҳеч қачон юборилмаганига эътибор қаратган.
Россия президентининг сўзларига кўра, бу бутун минтақанинг энергия хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган ўзаро манфаатли лойиҳадир.
2022 йил ноябр ойида Россия Қозоғистон ва Ўзбекистон билан «учтомонлама газ иттифоқи»ни тузиш режалари ҳақида маълум қилганди.
2023 йил май ойида Қозоғистон ҳукумати Россиядан Ўзбекистонга газ транзити бўйича музокаралар бошланганини эълон қилди.
Июн ойида Ўзбекистон Россия билан 2,8 миллиард куб метр газ етказиб бериш бўйича икки йиллик шартнома тузди. Келишув кунига 9 миллион куб метр газ импортини назарда тутади.
Газ етказиб бериш 1 октябрдан бошланиши эълон қилинган эди. Бироқ, кейинчалик октябр ойи охирига қолдирилди.