октябр 13, 2023 15:27 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон маҳаллий тўқимачилик соҳасида экспорт ҳажмини 5 млрд долларга етказмоқчи
    Ўзбекистон маҳаллий тўқимачилик соҳасида экспорт ҳажмини 5 млрд долларга етказмоқчи

Ўзбекистонда маҳаллий тўқимачилик соҳасида экспорт кўрсаткичлари ҳажми 5 млрд долларга етказилади. Бу ҳақда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Ўзбекистон пойтахтида UzTextileEXPO 2023Autumn – VII Халқаро тўқимачилик ва мода кўргазмаси бўлиб ўтади. Анжуманда маълум қилинишича, Тошкентда 18-20 октябрда UzTextileEXPO 2023 – Тўқимачилик ва мода саноати VII халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади.

Бу йил кўргазмада Беларусь, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Хитойдан 180 дан ортиқ компания ва брендлар иштироки кутилмоқда. Шунингдек, 100 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳам ўз маҳсулотларини кўргазмада намойиш этишади.

Қайд этилишича, халқаро тўқимачилик ва мода кўргазмасининг Ўзбекистонга аҳамияти катта. Чунки, инвестор ва байерлар бу кўргазма орқали маҳсулотлар билан яқиндан танишиб, сифатни баҳолаш имконига эга бўлишмоқда ва ҳамкорлик учун шартномалар тузилмоқда.

"Сўнгги 5 йил мобайнида маҳаллий тўқимачилик соҳасида экспорт кўрсаткичлари ҳажми 3,5 млрд долларга етди. Айни дамда ушбу кўрсаткични 5 млрд долларга етказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда", — деди “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси маркетинг агентлиги директори Абдували Содиқов.

Тўқимачилик ҳафталиги доирасида Better Work Uzbekistan дастури семинари ҳам бўлиб ўтади. Унда Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро молия корпорацияси, Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва Ўзбекистон Иш берувчилар конфедерацияси, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раҳбарияти ва тўқимачилик саноати корхоналари иштироки кутилмоқда.

Ёрлиқ