октябр 17, 2023 09:57 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев UNWTO Бош Ассамблеяси очилиш маросимида нутқ сўзлади
    Шавкат Мирзиёев UNWTO Бош Ассамблеяси очилиш маросимида нутқ сўзлади

Самарқандда БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-сессиясини очиб берган Шавкат Мирзиёев дунё туризм индустриясининг эътиборга молик йирик тадбири Марказий Осиё минтақаси учун катта тарихий воқеа эканини таъкидлади.

Бугун, 16 октябр куни Бош Ассаблея сессиясининг очилиш маросими бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

«Биз сўнгги йилларда Ўзбекистонда кенг кўламли, ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар дастурини амалга оширяпмиз. Унда асосий эътиборни демократик жамият институтларини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни либераллаштириш, халқимизнинг турмуш даражасини юксалтиришга қаратмоқдамиз. Олиб бораётган “очиқ эшиклар” сиёсатимизда туризм тармоғига устувор аҳамият беряпмиз», деди Шавкат Мирзиёев.

Мирзиёев салкам юзта мамлакат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш тизимини қўлланилаётгани, 55 та давлат фуқаролари учун соддалаштирилган электрон виза тартиби жорий этилганини таъкидлади.

Айни пайтда Ўзбекистонда 8 мингдан ортиқ маданий мерос объектлари мавжудлигини айтган президент Зиёрат туризми дастури доирасида саёҳатга келувчилар сонини ҳозиргидан уч баробар кўпроққа ошириш мўлжаллаётганини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев глобал туризмнинг энг долзарб муаммоси – бу туристларнинг кафолатланган хавфсизлик тизимини таъминлаш эканини қайд этди.

Шавкат Мирзиёев ўз чиқишида бир нечта таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, халқаро туризм соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асосларни кучайтириш мақсадида БМТ доирасида Глобал хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқишни таклиф этди.

Ёрлиқ