Европа Иттифоқи – Марказий Осиё биринчи расмий саммити Ўзбекистонда ўтказилади
Кеча, 23 октабр куни Марказий Осиёнинг бешта давлати ташқи ишлар вазирлари илк бор Европа Иттифоқининг барча 27 давлати вакиллари билан бир вақтнинг ўзида учрашди.
23 октябр, душанба куни Люксембургда Европа Иттифоқи ташқи ишлар кенгаши йиғилишидан сўнг, Европа Иттифоқи – Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари даражасидаги норасмий учрашув бўлиб ўтди. Ушбу учрашув 2024 йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» биринчи расмий саммитига тайёргарликнинг бир қисмидир, дейилади йиғилиш якунлари бўйича қўшма коммюникеда.
Европа Иттифоқи «Марказий Осиё мамлакатларига глобал муаммоларни қўшма имкониятларга айлантириш учун ҳамкорликни таклиф қилишга тайёр», деди Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррел, европаликларнинг Марказий Осиё давлатлари билан стратегик ҳамкорликни «янги босқичга кўтариш» истагини таъкидлаб. Унинг сўзларига кўра, Брюссел Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондаги ислоҳотларни доимий қўллаб-қувватлашга тайёр.
Йиғилиш иштирокчилари Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш бўйича Қўшма йўл харитасини қабул қилди.
Йиғилишда, жумладан, Европа Иттифоқининг Россияга қарши жазо чоралари ва уларни четлаб ўтишга қарши кураш муҳокама қилинди. «Европа Иттифоқи санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш муҳимлигини таъкидлади ва иштирокчилар бу йўналишдаги ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди», дейилади Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи давлатларининг қўшма баёнотида.
Вазирлар 2024 йилда яна учрашишга келишиб олди, Туркманистон вакили эса навбатдаги учрашувни ўз мамлакатида ўтказишни таклиф қилди. Бунгача, 2024 йилнинг 29-30 январ кунлари Брюсселда юқори мартабали амалдорлар, халқаро молия институтлари ва бизнес вакиллари иштирокида «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» инвестиция форуми бўлиб ўтади. Форумдан кўзланган мақсад икки минтақа ўртасидаги транспорт алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлашдан иборат.