Ўзбекистон ва Эстония ТИВ раҳбарлари реадмиссия қилиш тўғрисидаги битимни имзоладилар
Ўзбекистон ва Эстония ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Люксембургда реадмиссия қилиш (инглизча to readmit — қайтариб олиш) —тўғрисидаги битимни имзолади.
Реадмиссия давлатнинг бошқа давлатдан чиқариб юборилиши лозим бўлган ўз фуқароларини (шунингдек, баъзи ҳолларда илгари шу давлатда бўлган ёки истиқомат қилган хорижликларни) қабул қилишга розилиги.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Люксембургда Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна билан мулоқот қилди.
«Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна жаноблари билан учрашишдан мамнунмиз», – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг Telegram-каналида.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, етакчи компаниялар билан қўшма лойиҳаларни илгари суриш, шунингдек, рақамли технологиялар соҳасида Эстониянинг илғор тажрибасини Ўзбекистонга олиб кириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар кўриб чиқилган.
Шунингдек, реадмиссия қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ҳам имзоланди.