Сентоб – энг яхши туризм қишлоғи
Нурота тумани марказидан 120 километр узоқда жойлашган Сентоб қишлоғи ҳудуддаги диққатга сазовор сайёҳлик йўналишларидан биридир.
Самарқандда бўлиб ўтган Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессияси доирасида “2023 йилнинг энг яхши туризм қишлоқлари”ни тақдирлаш маросимида Навоий вилояти Нурота туманидаги Сентоб қишлоғи “Энг яхши туризм қишлоғи” деб эътироф этилди.
Сентоб Нурота тоғларининг шимолий ён бағрида жойлашган бўлиб, қўшни Жиззах вилоятининг Фориш тумани билан чегарадош. Қарийб 3 минг нафар аҳоли истиқомат қиладиган бу маскан ўзининг қадим тарихи, маданий-мероси, ўтмиши, миллий қадриятлари ва урф-одатларининг бугунги кунга қадар сақланиб қолганлиги билан бошқа қишлоқлардан ажралиб туради.
Қоя тошларга ишланган V-VI асрларга оид петроглифлар, тоғ тепасидаги кўҳна қўрғон қолдиқлари, XI-XVIII асрларга оид тошга ўйилган ёзувлар ҳамда қишлоқнинг энг юқори нуқтасидаги Фозилмон кўли диққатга сазовор жойлардир.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида Навоий вилоятида зиёрат ва экотуризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида Нурота туманида “Сентоб” туризм қишлоғини ташкил қилиш кўзда тутилган эди.
“Туризм қишлоғи” мақомини олган ҳудудда 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатиб, бу ерда 20 та оилавий меҳмон уйи, 2 та меҳмонхона ҳамда 15 турдаги туризм хизмати йўлга қўйилган.
Қишлоққа Англия, Германия, Франция, Австрия, Россия ва бошқа давлатлардан хорижий сайёҳлар ташриф буюришмоқда. Бу ерга ўртача бир кунда 300 нафар, бир йилда эса қарийб 45 минг нафар сайёҳ ташриф буюрмоқда.
Сентоб қишлоғи инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида қишлоққа олиб борувчи 5 км ички йўл таъмирланди, тунги ёритиш чироқлари, 2 та пиёдалар кўприги, 2 та сельфи ҳудуд, 3 та санитария-гигиена шохобчаси, Сентоб қишлоғининг рамзий кириш стеллажи, 1 та туристик ахборот маркази қурилди.
Сентобдаги оилавий меҳмон уйлари ва меҳмонхоналарга белгиланган стандартлар асосида “Оилавий меҳмон уйи” ёзуви туширилган йўл кўрсатиш белгилари ўрнатилган. Мавжуд 12 та маданий мерос объекти ва диққатга сазовор жойлар, 15 та табиат манзараси ҳудудларларида ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, туризм маршрутига киритилган.