Франсия Ўзбекистонда уран қазиб олишга 500 млн доллар сармоя киритади
-
Франсия Ўзбекистонда уран қазиб олишга 500 млн доллар сармоя киритади
Франциянинг Orano компанияси Ўзбекистонда геология-қидирув ва уран қазиб олиш ишларига 500 млн долларгача сармоя киритиши режаланмоқда.
Франциянинг Orano компанияси Ўзбекистонда уран қазиб олиш ва қайта ишлашга 500 млн долларгача сармоя киритади. Бу ҳақда Самарқандда ўтган Верона Евроосиё иқтисодий форумида тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исломов маълум қилди.
Нашрнинг ёзишича, вазир мамлакат Orano билан стратегик шериклик тўғрисида шартнома имзолагани, Франция компанияси ҳозирда геология-қидирув ишларини олиб бораётгани ва 2023 йил охиригача лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилишини билдирган.
«Стратегик шартномада улар (Orano — таҳр.) геология-қидирув ишларини олиб борадиган [Навоий вилояти Томди туманидаги] яна иккита қўшимча майдон назарда тутилган. Албатта, техник-иқтисодий асослаш ҳамма нарсани ҳал қилади, аммо ҳозир ишлар ижобий кетмоқда. Инвестицияларнинг умумий миқдори, умуман олганда, келишув билан 500 миллион долларгача белгиланган», — деди Бобур Исломов.
У уран ишлаб чиқаришнинг мавжуд ҳажмлари аллақачон савдо бозорларини топганини қайд этди. Ядро ёқилғиси ишлаб чиқариш ҳажми ошгани сари Ўзбекистон нархлар конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда экспорт қилиш тўғрисида қарор қабул қилади, дея қўшимча қилди у.
«Уран бўйича ким билан ишлашишимиздан қатъи назар, жаҳон нархларига асосланганмиз. Агар нарх кўтарилса, бизда ҳамма нарса формулаларга боғлиқ ва етказиб бериш нархимиз ҳам кўтарилади», — деди вазир.
Шунингдек, Исломов 2023 йилда барча йўналишларда уран экспорти ошганини таъкидлаб, етказиб беришни диверсификация қилиш муҳимлигини айтди.
Франция президенти Эммануэль Макроннинг мамлакатга ташрифи доирасида Orano компанияси билан биргаликда стратегик хомашёни илғор технологиялар ёрдамида қайта ишлаш ва саноат товарларини экспорт қилиш, уран конларида геология-қидирув ишларини кенгайтириш масаласи кўрилганди.
Ўзбекистон-Франция бизнес-форуми доирасида Шавкат Мирзиёев Orano компанияси раҳбари Клод Имовен билан учрашган. Унда геология-қидирув ва уран қазиб олиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ташаббуслари қўллаб-қувватланган.