ноябр 08, 2023 18:14 Asia/Tashkent
  • Мирзиёев Покистон бош вазири ва ИҲТ бош котиби билан учрашди
    Мирзиёев Покистон бош вазири ва ИҲТ бош котиби билан учрашди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити тадбирлари доирасида бош вазир Анвар ул-Ҳақ Какар бошчилигидаги Покистон делегацияси билан музокара ўтказди.

Икки томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

2024-2025 йилларга мўлжалланган Саноат кооперацияси дастурини тез фурсатда қабул қилиш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш учун савдо тўсиқларини бартараф этиш ва қулай шароитлар яратиш муҳимлиги таъкидланди.

Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.Минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котибини қабул қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 ноябрь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) бош котиби Хусрав Нозирийни қабул қилди.

Бирлашма доирасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ушбу кўп томонлама тузилмалар фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон президенти ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало, савдо, транспорт, инвестициялар, инновациялар, экология, туризм соҳаларида қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш учун катта салоҳият мавжудлигини қайд этди.

Бош котиб Ўзбекистон ИҲТ фаолиятида фаол иштирок этаётгани, илк бор Тошкентда “Ҳамкорликда иқтисодий барқарорлик ва тараққиёт сари” шиори остида ўтказиладиган ИҲТнинг навбатдаги саммити юқори савияда тайёрлангани учун самимий миннатдорлик билдирди.

Учрашув чоғида ИҲТ давлатлари етакчиларининг бўлажак Тошкент йиғилиши кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.

Ёрлиқ