Танзила Норбоева БМТ бош котиби ёрдамчиси билан учрашди
(last modified Thu, 09 Nov 2023 06:03:26 GMT )
ноябр 09, 2023 11:03 Asia/Tashkent
  • Танзила Норбоева БМТ бош котиби ёрдамчиси билан учрашди
    Танзила Норбоева БМТ бош котиби ёрдамчиси билан учрашди

Сенати раиси Кўкаламзорлаштириш ва ўрмонлар бўйича глобал форум директори билан соғлиқни сақлаш, экология, иқлим ўзгариши йўналишларидаги лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган БМТ бош котиби ёрдамчиси, Кўкаламзорлаштириш ва ўрмонлар бўйича глобал форум директори Жулиета Биао Куденукпо билан учрашди. 

Мулоқотда Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, соғлиқни сақлаш, экология, иқлим ўзгариши йўналишларидаги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. 

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг «Ўзбекистон Республикасида иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича миллий ҳаракатларни кузатиш ва техник ёрдам кўрсатиш бўйича интеграциялашган ва кенгайтирилган шаффофлик тизимини яратиш салоҳиятини ошириш» лойиҳаси самарали амалга оширилаётгани қайд этилди. 

Иқлим ўзгаришига қарши курашда унинг болалар, ёшлар ва аёлларга таъсирини ҳисобга олган ҳолда янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. 

Орол денгизининг қуриши замирида БМТ ва унинг ихтисослашган идораларининг фаол иштирокида «яшил» технологияларни кенг жорий этиш ва замонавий иқлим технологияларини жалб қилиш бўйича техник қўллаб-қувватлашда янги чора-тадбирларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди. 

Конструктив ва амалий руҳда кечган учрашув якунида мулоқотни тизимли давом эттириш, барқарор ривожланиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар кўламини кенгайтиришга келишиб олинди.