ноябр 09, 2023 11:39 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Марказий осиё давлатлари етакчилари ва Озарбайжон президенти  билан музокара ўтказди
    Шавкат Мирзиёев Марказий осиё давлатлари етакчилари ва Озарбайжон президенти билан музокара ўтказди

Шавкат Мирзиёев Туркманистон, Тожикистон, Озарбайжон президентлари ва Қозоғистон бош вазири билан алоҳида музокаралар ўтказди

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг саммити доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан музокара ўтказди.

Давлат раҳбарлари икки мамлакат ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.

Ўзаро савдони кўпайтириш, машинасозлик, энергетика, электротехника, тўқимачилик ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш бўйича, шу жумладан ҳукуматлараро комиссия фаолияти доирасида мувофиқлашган ишларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Ҳудудлар ўртасидаги ишбилармонлик алоқалари ва маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари бўлажак тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқди.

Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев Тошкентда музокара ўтказди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ИҲТ саммитининг асосий тадбирларида иштирок этиш учун мамлакатда бўлиб турган Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан музокара ўтказди.

Ўзбекистон-Озарбойжон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Мунтазам ўтказиб келинаётган олий даражадаги мулоқотларда эришилган келишувларнинг натижалари қайд этилди.

Товар айирбошлаш кўрсаткичлари ўсмоқда, автомобиль, электротехника, тўқимачилик саноатида, энергетика тармоғида, қишлоқ хўжалиги, логистика ва бошқа устувор йўналишларда муҳим кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Маданий-гуманитар тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари стратегик шерикликни ривожлантириш масаласини кўриб чиқди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Тошкент шаҳрига келган Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказди.

Икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари ҳамда олий даражадаги келишувлар ижроси батафсил кўриб чиқилди. Томонлар Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ва чуқурлашган стратегик шериклик изчил ривожланиб, мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди.

Савдо, саноат, энергетика, сув хўжалиги, транспорт ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорлик кенгаймоқда. Ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алоқалар фаол. Жорий йил октябрь ойида Туркманистон ва Ўзбекистон маданият кунлари муваффақиятли ўтказилди.

Икки мамлакат президентлари минтақавий кун тартиби ва кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқди.

Ўзбекистон президенти шунингдек, Қозоғистон бош вазири билан учрашиб, кун тартибидаги муҳим масалаларни муҳокама қилди.

Ёрлиқ