декабр 14, 2023 12:03 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги авиақатновлар сони ҳафтасига 70 тага етказилади
    Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги авиақатновлар сони ҳафтасига 70 тага етказилади

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони шаҳарлари ўртасида мунтазам авиақатновлар сони ҳафтасига 70 тага етказилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Транспорт вазирлигига кўра , ICAOнинг “ICAN–2023” тадбири доирасида Транспорт вазирлиги делегацияси Саудия Арабистони Қироллиги авиация маъмурияти билан ўтказган музокараларда ушбу келишувга эришилди.

Спутник сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон ва Саудия Арабистон расмийлари музокаралари жараёнида Транспорт вазирлиги делагациясига Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги фавқулодда ва мухтор элчиси ҳамроҳлик қилди.

“Бу Ўзбекистондан "Ҳаж" ва "Умра" тадбирларига борадиган зиёратчилар, шунингдек, “Умра плюс” дастури орқали Ўзбекистонга зиёрат туризми учун ташриф буюрувчи хорижий сайёҳларга кенг имкониятлар яратади”, —дейилади хабарда.

Музокаралар натижасига кўра Тошкент шаҳридан Саудия Арабистони шаҳарлари ўртасида ҳафтасига ҳар бир томондан 14 тадан, шунингдек, халқаро аэропортга эга бўлган Ўзбекистоннинг исталган шаҳридан Саудия Арабистонининг халқаро аэропортга эга бўлган исталган шаҳрига ҳар бир томондан ҳафтасига 21 тадан (жами 35 тадан) мунтазам парвозларни амалга оширишга келишиб олинди.

Айтилишича, мунтазам авиақатновларнинг қарийб икки ярим баробар оширилиши чартер парвозлари ҳамда транзит парвозлар орқали “Умра” сафарига борувчилар гуруҳини шакллантираётган туроператорлар ҳамда агентлар томонидан юзага келтирилаётган айрим тартибсизликларга барҳам беради.

Ўзбекистоннинг барча аэропортларини Саудия Арабистони билан боғлаш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ёрлиқ