Ўзбекистон ва Толибон вакиллари трансафғон темирйўли қурилишини жадаллаштиришни муҳокама қилди
(last modified Wed, 27 Dec 2023 11:06:50 GMT )
декабр 27, 2023 16:06 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва Толибон вакиллари трансафғон темирйўли қурилишини жадаллаштиришни муҳокама қилди
    Ўзбекистон ва Толибон вакиллари трансафғон темирйўли қурилишини жадаллаштиришни муҳокама қилди

Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Афғонистон транспорт ва фуқаро авиацияси вазири вазифасини бажарувчи Ҳамидулла Охунзода  билан учрашувда Ўзбекистон ва Толибон муваққат ҳукумати ўртаидаги  ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизматига таяниб Газета сайтининг хабар қилишича,  Ўзбекистон ва Толибон вакиллари учрашувида Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон темирйўли қурилиши лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди, дейилади хабарда.

Томонлар, шунингдек, автомобиль ташувларида ундириладиган йиғим ва тўловларни паритет асосида ундирилишини таъминлаш, Афғонистон ҳудуди орқали транзит ҳамда икки томонлама ташувларни ривожлантириш ва темирйўл ташувларидаги тариф ставкаларига имтиёзлар тақдим этиш бўйича келишиб олди.

2021 йил февраль ойида Тошкентда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида «Мозори Шариф-Кобул-Пешовар» темирйўли қурилиши бўйича йўл харитаси имзоланан. Лойиҳани май ойида тайёрлаш, йўл қурилиши эса 2021 йил сентябрида бошланиши режалаштирилганди. Аммо Афғонистонда ҳокимият алмашиши лойиҳани секинлаштирди. Бироқ декабрь ойида Афғонистон муваққат ҳукумати лойиҳага қўшилди. 2022 йил 18 июлда ушбу мамлакат ҳудудида Трансафғон темирйўлининг йўналишини ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини аниқлаш бўйича экспедиция ишлари бошланган.

2023 йил май ойида Тошкентда Трансафғон темирйўли лойиҳасини мувофиқлаштириш офиси очилди. Июлда эса Трансафғон темирйўли бўйича музокараларнинг якуний босқичи бошлангани ҳақида  маълум қилинди.