Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Ҳаж ва умра сафарларини янада яхшилаш қарорига келган
(last modified Mon, 08 Jan 2024 06:55:31 GMT )
Январ 08, 2024 11:55 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Ҳаж ва умра сафарларини янада яхшилаш қарорига келган
    Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Ҳаж ва умра сафарларини янада яхшилаш қарорига келган

Жидда шаҳрида Ўзбекистон делегацияси ва Саудия Арабистони подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлиги раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Ҳаж ва умра вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар иштирокида ўзаро алоқаларнинг истиқболлари ҳамда "Ҳаж – 2024" мавсумини юқори даражада ташкил этиш масалалари кўриб чиқишди.

Кун сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони расмийлари учрашувида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик равнақ топаётгани, ҳаж ва умра қилувчилар сони кескин ошаётгани, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Муқаддас масжид ходими, подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиққани алоҳида қайд этилди.

Ҳаж ва умра вазири сўнгги йилларда Ўзбекистон энг яхши натижаларга эришаётгани ва жадал тараққий этаётганини таъкидлаш баробарида аввалги йилдаги Ўзбекистон заминига ташрифи бир умр ёдида қолганини билдирди.  

Учрашувда Ўзбекистон делегация Ҳаж ва умра зиёратчиларига хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш борасида ўз фикр-мулоҳазаларни тақдим этдилар.

Мулоқот якунида Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида муборак сафарларни янада яхшилаш юзасидан келишув имзоланди.