Ўзбекистон Қозоғистон ва Қирғизистондан кўмир импортини оширди
Ўтган йил якунларига кўра, Қозоғистондан Ўзбекистонга кўмир импорти 1,4 млн тоннага ошиб, 3,1 млн тоннага (+82,3 фоиз) етган. Қирғизистон кўмири эса 10 ойда икки баробар кўпайган — деярли 900 минг тоннагача. Январь-ноябрь ойларидаги етказиб бериш ҳажми қиймат жиҳатдан 189,2 млн долларга баҳоланмоқда.
«Қозоғистон темир йўллари» матбуот хизмати эса Қозоғистон 2023 йилда Ўзбекистонга кўмир етказиб бериш ҳажмини деярли икки баробар оширганини хабар қилди.
Газета сайтининг хабар қилишича, Қозоғистон кўмири импорти йил давомида 1,4 миллион тоннага — 3,1 миллион тоннагача ошган (+82,3 фоиз).
Ўтган йилнинг дастлабки тўққиз ойи якунларига кўра, Қозоғистондан Ўзбекистонга кўмир экспорти ҳажми 704 минг тоннани ташкил этиб, 18,2 миллион долларга баҳоланан (2022 йилнинг январ-сентябрь ойларига нисбатан 2,5 баробар кўп — 275,7 минг тонна учун 7,5 миллион доллар).
Сўнгги чоракда (октябрь-декабрь) Ўзбекистон деярли 2,4 миллион тонна Қозоғистон кўмирини импорт қилган. Агар нарх ўзгармаган бўлса, унда бу 61,9 миллион долларни ташкил қилади.
Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Статистика агентлигига кўра, ўтган йилнинг 11 ойи давомида Ўзбекистонга кўмир импорти 189,2 миллион долларни (2022 йилнинг шу даврига нисбатан 1,8 баробар кўп — 105,8 миллион доллар) ташкил этган бўлса, шундан тахминан 80,1 миллион доллари (42,3 фоиз) Қозоғистон ҳиссасига тўғри келган.
Ўтган йилнинг 10 ойи давомида Қирғизистондан 30,9 миллион долларлик (ҳар тонна учун 34,6 доллар) 895,4 минг тонна кўмир импорт қилинган, бу 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробар кўп — 13,5 миллион долларлик (31,4 доллар) 430,8 минг тонна кўмир.