октябр 30, 2023 10:00 Asia/Tashkent
  • Қозоғистон конидаги авария оқибатида ҳалок бўлганлар сони 46 кишига етди
    Қозоғистон конидаги авария оқибатида ҳалок бўлганлар сони 46 кишига етди

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бу мамлакатнинг Қарағанда вилоятидаги Костенко конида содир бўлган авария натижасида ҳалок бўлганлар сони 46 кишига етганини хабар қилди.

Бундан олдин, 38 қурбон ҳақида хабар берилган эди. 29 кишининг жасади ер юзасига чиқарилди. Яна бир кончини қидириш давом этмоқда. Фавқулодда қутқарув ишларига 10 та кон-қутқарув гуруҳи жалб этилган.

28 октябрга ўтар кечаси конда метан портлаши содир бўлди. Воқеа содир бўлган пайтда конда 252 киши бўлган, 205 кончи мустақил равишда ер юзасига кўтарилган. Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Сирим Шарипхоновнинг айтишича, қолган одамларни топиш имконияти жуда кичик, аммо қутқарувчилар ҳамон бунга умид қилмоқда.

Кун сайтининг хабар қилишича, Кон «АрселорМиттал Темиртау» АЖга тегишли. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукуматга ушбу компания билан сармоявий ҳамкорликни тўхтатишни топширди. Вазирлар маҳкамаси матбуот хизмати Қозоғистон ҳукумати корхонага эгалик ҳуқуқини давлат фойдасига ўтказиш бўйича компания билан келишувни якунлаётганини маълум қилди. «АрселорМиттал Темиртау»нинг барча конлари иши тўхтатилди.

Бош прокуратура томонидан конларни қазиб олишда хавфсизлик қоидаларини бузиш (Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми) моддаси бўйича терговга қадар текширув бошланди. Воқеа сабабларини аниқлаш учун ҳукумат комиссияси тузилди.

Тўқаев ҳалок бўлган кончиларнинг яқинлари билан учрашиб, уларга барча зарур ёрдамни кўрсатишга ваъда берди. У 29 октябрни Қозоғистонда мотам куни деб эълон қилди. Эрон Ислмо республикаси,  Россия, Беларус, Қирғизистон, Франция ва Ўзбекистон президентлари ҳамда Туркия Ташқи ишлар вазирлиги кончилар ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Ёрлиқ