март 14, 2024 12:09 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва ЕИ ўзаро алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
    Ўзбекистон ва ЕИ ўзаро алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон делегациясининг Европага ташрифи доирасида Европарламент биносида депутатлар, Европа ташқи ҳаракатлар хизмати (ЕТҲХ) ҳамда Европа комиссияси вакиллари иштирокида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги шерикликни янада ривожлантиришга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи делегациялаври суҳбатида ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари, янгиланган Конституциямизнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, шунингдек, фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш бўйича давлат сиёсатининг амалга оширилиши, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, ижтимоий ҳимояни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар тақдимоти ўтказилди.

Аниқ сайтининг хабар қилишича,  “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўз нутқида Ўзбекистонда барча ислоҳотлар “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойил асосида олиб борилишини алоҳида қайд этди.

Бундан ташқари, бошқарувнинг барча бўғинидаги мансабдор шахсларнинг Парламент ва маҳаллий Кенгашлар олдида мажбурий ҳисобот бериши ислоҳотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилаётган бўлса, чиқарилаётган қарорларнинг очиқ электрон порталларда мунтазам эълон қилиб борилиши жамоатчиликнинг фаол иштирокини, мансабдор шахслар ва бюджетлар устидан эса назоратни таъминлаш имконини бергани таъкидланди.

Иштирокчилар эътибори Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликдаги ролига қаратилди. Ўзбекистон раҳбарининг Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва дунё давлатлари билан ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатишга қаратилган очиқ ва прагматик ташқи сиёсати давлатлар ўртасида англашув ҳамда ишонч муҳитини яратиб, минтақада барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилгани эътироф этилди.

Шунингдек, мулоқот давомида Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда “Марказий Осиё – ЕИ” форматидаги ташаббусларни амалга оширишнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.

Ёрлиқ