Ўзбекистон дипломатлари Анқара ҳукуматига шикоят юборди
(last modified Sat, 30 Mar 2024 11:29:19 GMT )
март 30, 2024 16:29 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон дипломатлари Анқара ҳукуматига шикоят юборди
    Ўзбекистон дипломатлари Анқара ҳукуматига шикоят юборди

Ўзбекистонлик дипломатлар Туркия ҳукуматига Истанбул аэропортида ўзбекистонликларга нисбатан қўпол муносабатда бўлганлиги юзасидан шикоятлар юборди.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллигига таяниб ТАСС берган хабарини Бугун сайти келтирган.

Бугун сайтига кўра, бугунги кунда Туркияга кириш ва чиқиш чегара пунктларида ички ишлари органлари ходимлари томонидан мамлакатга келаётган хорижликларга нисбатан қатъий текширувлар амалга оширилмоқда. Ушбу амалиёт доирасида Истанбул халқаро аэропортида асосан 20-35 ёшдаги хорижликларга нисбатан назорат тадбирлари кучайтирилганлиги кузатилмоқда.

«Айрим ватандошларимиздан Истанбул аэропортида полиция ходимларининг қўпол муомаласи ҳақида шикоятлар келиб тушган.

Бу борада Ўзбекистон фуқароларининг барча шикоят ва эътирозлари дипломатик каналлар орқали турк томонига етказилди ва хозирги кунда мутасадди ташкилотлар билан музокаралар олиб борилмоқда.

Ўз ўрнида, ўзбекистонликлардан маҳаллий қонунларни ҳурмат қилиб уларга тўлиқ риоя этишларини сўраб, олдин қонунбузарлик содир этиб депорт қилинган фуқаролардан эса Туркияга кириш тақиқи бор ёки йўқлигини Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги Туркия дипломатик ваколатхоналаридан ўрганган ҳолда келишлари тавсия қилинади», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ўзининг хатти-ҳаракатлари билан шубҳа уйғотган шахслар билан миграция хизмати ходимлари томонидан суҳбат ўтказилиб, шахсий уяли телефонлари текширилиши ҳолатлари ҳам учрамоқда. Терроризм, одам савдоси ва бошқа жиноятларга алоқадорликда гумонланганлар, тақиқланган товарларни олиб ўтишга уринган шахслар «Туркияга кириши исталмаган йўловчи» сифатида баҳоланиб, Туркия ҳудудига киритилмасдан мамлакатига қайтариб юборилмокда.

Жумладан, жорий йилнинг январь-февраль ойлари давомида Туркияга киритилмаган 163 нафар Ўзбекистон фуқароларидан 54 та нафари муқаддам Туркияга келиб, қонунбузарлик содир этиб киришига тақиқ қўйилганларни ташкил этган.