Мирзиёев БМТ Бош котибининг ўринбосари – Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбарини қабул қилди
Тошкентда Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котибининг ўринбосари – Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари Владимир Воронковни қабул қилди.
Ўзбекистон президенти матбуот хизматига таяниб, Спутгник сайтининг хабар қилишича, БМТ Бош котибининг ўринбосари – Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари Владимир Воронков қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича Минтақавий экспертлар кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатда бўлиб турибди.
Хабарга кўра, Ўзбекистоннинг БМТ институтлари ва тузилмалари билан, энг аввало, терроризм ва бошқа трансмиллий хатар ва таҳдидларга қарши кураш соҳасидаги амалий ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
“Владимир Воронков Ўзбекистоннинг можаролар ҳудудларидан фуқароларни қайтариш, уларни реабилитация қилиш ва жамиятга қайта интеграция қилиш, жумладан, бунда маҳалла институтининг кенг имкониятлари ва салоҳиятидан фойдаланиш бўйича саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади”, – дейилади хабарда.
Ўзбекистон ва БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишларини назарда тутувчи 2024–2025 йилларга мўлжалланган янгиланган "йўл харитаси" имзолангани мамнуният билан қайд этилди.