Эрдўғон: Арабистонлик журналистнинг тақдири юқори даражада кўриб чиқилади
(last modified Mon, 08 Oct 2018 09:52:43 GMT )
октябр 08, 2018 14:52 Asia/Tashkent
  • Эрдўғон: Арабистонлик журналистнинг тақдири юқори даражада кўриб чиқилади
    Эрдўғон: Арабистонлик журналистнинг тақдири юқори даражада кўриб чиқилади

Туркия президентига кўра, Саудия режимини танқид қиладиган журналист Жамол Хошхожининг тақдири юқори даражада ва ўта аниқлик билан ўрганиб чиқилади. 

“Туркия полициясининг дастлабки тахминига кўра, жаноб Хошхожи Саудия Арабистони консуллигида ўлдирилган. Фикримизча, қотиллик қасддан содир этилган ва журналистнинг жасади консулликдан олиб чиқиб кетилган”, деб айтган туркиялик мансабдор шахс.

Таъкидлашича, журналист жорий ҳафта бошида Саудия Арабистонидан Туркияга келган, 15 кишидан иборат гуруҳ томонидан ўлдирилган. Гуруҳ Истанбулга икки самолётда келган ва журналист консулликда бўлган куни у ерга етиб келган ҳамда кўп ўтмай мамлакатни тарк этган. Туркия полицияси бу кишиларнинг шахсини ўрганишга уринмоқда.  

Саудия Арабистони бош консуллигида барча айбловлар асоссиз эканлиги айтилмоқда. У ерда Истанбулга 6 октябрда журналистнинг йўқолишини тергов қилиш учун саудиялик терговчилар келгани маълум қилинган.

Хошхожи 2 октябрда Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигига ҳужжатларни расмийлаштиргани келиб, изсиз ғойиб бўлган. У билан бирга консулликка келган ва ичкарига киритилмаган қаллиғига 5 соат ўтгач бўлажак турмуш ўртоғи консулликни тарк этгани маълум қилинган.