Истанбулда рейдлар: Қочиб юрган ўзбекистонликлар бор
Туркия, Истанбулда рейдлар: Қочиб юрган ўзбекистонликлар бор - маълум бўлишича, Истанбулдаги ўзбекистонликлар орасида ҳужжатлисидан кўра ҳужжатсизининг сони жуда кўп. Турк полицияси эса, Истанбулда тартиб-қоидани таъминламоқчи.
Туркиядаги энг катта сондаги ўзбекистонликлар айнан Истанбул шаҳрига тўғри келади.
Истанбулда турли юмуш ва ишда банд бўлган Ўзбекистон фуқароларининг сони минглаб экани айтилади.
Туркиянинг энг йирик шаҳри бўлган Истанбул аҳолисининг сони жорий пайтда қарийб 14 миллион кишини ташкил қилади.
Маълум бўлишича, турк полициясининг Истанбулдаги рейдлари бир неча ойдан бери давом этиб келади.
Аммо Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг кеча, 3 сентябрь кунги мурожаати бу масалани янгилик ўлароқ кун тартибига олиб чиққан.
Вазирликнинг мурожаати Туркияда бўлиб турган ёки у ерга бормоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароларига қаратилган.
Уларни барча керакли ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириш ва Туркияда мавжуд қонун-қоидаларга риоя қилишга чақирган.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси эса, Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан хорижий фуқароларга қўйилган талаблар ва зарур меъёрий ҳужжатларни ўрганиш, ватандошларининг ҳуқуқбузар ҳолатига тушиб қолишининг олдини олиш мақсадида ҳатто шаҳар Хавфсизлик бошқармаси ва миграция хизмати раҳбарияти билан учрашувлар ўтказгани ҳам маълум қилинган.