Ироқ Президенти: Биз қўшниларимизга мамлакатимиз ҳудудидан ҳужум қилинишига йўл қўймаймиз
(last modified Wed, 04 Oct 2023 12:40:51 GMT )
октябр 04, 2023 17:40 Asia/Tashkent
  • Ироқ Президенти: Биз қўшниларимизга мамлакатимиз ҳудудидан ҳужум қилинишига йўл қўймаймиз
    Ироқ Президенти: Биз қўшниларимизга мамлакатимиз ҳудудидан ҳужум қилинишига йўл қўймаймиз

Ироқ президенти ўз баёнотида Теҳрон-Бағдод муносабатларини кучли таърифлаб, шундай деди:Биз ҳеч бир томоннинг қўшниларимизга мамлакатимиз ҳудудидан ҳужум қилишига йўл қўймаймиз.

Эрон телерадиокомпаниясининг ўзбек тилидаги сайтининг хабар қилишича, Ироқ президенти Абдулатиф Рашид нутқида шундай деди:Биз қўшниларимизга ҳужум қилиш учун Ироқ ҳудудидан исталган томоннинг фойдаланишига қаршимиз, бу бизнинг сиёсатимиз ва биз буни аниқ биламиз.

Рашид таъкидлади:Эрон Ислом Республикаси билан алоқалар яхши ва мустаҳкам ва бу биз учун муҳим, Эрон билан 1400 километр узунликдаги чегарамиз бор.

Абдулатиф Рашид Саудия Арабистони билан муносабатларга ҳам тўхталиб ўтди:Саудия Арабистони билан алоқалар яхши ва бизнинг мақсадимиз бу алоқаларни барча соҳаларда чуқурлаштиришдир. Биз Саудия Арабистонининг минтақадаги ролини қўллаб-қувватлаймиз.

Ироқ президенти яқинда қилган баёнотида “Бағдод Туркия билан яқинда Эрон ва Ироқ ўртасидаги келишувга ўхшаб хавфсизлик келишувига эришмоқчи”, деди.

Ироқ президенти “турк кучларининг мамлакат ҳудудидаги ҳар кунги тажовузини” қоралар экан, Туркия Ироқ суверенитетини ҳурмат қилиши кераклигини таъкидлади.

Яқинда Эрон ва Ироқ бўлгинчи гуруҳларни чегара чизиғидан олиб ташлаш ва уларни қуролсизлантириш бўйича хавфсизлик шартномасини имзолади ва ҳозирда Ироқ президентининг айтишича, мамлакат Анқара билан ҳам худди шундай келишувга интилмоқда.