Шимолий Корея АҚШ ҳужумига ўзига яраша жавоб қайтаради
(last modified Sat, 15 Apr 2017 11:42:09 GMT )
апрел 15, 2017 16:42 Asia/Tashkent
  • Шимолий Корея АҚШ ҳужумига ўзига яраша жавоб қайтаради
    Шимолий Корея АҚШ ҳужумига ўзига яраша жавоб қайтаради

Агар АҚШ саёз ўйланган ҳарбий ҳаракатлар билан келса, Шимолий Кореянинг хавфни бартараф этувчи зарбасига дуч келади

КХДР ташқи ишлар вазири ўринбосари Хан Сон Рёлнинг баёнот беришича, Пхеньян маъмурияти АҚШ қачон зарба берар экан, дея кутиш ниятида эмас. Унинг айтишича, Корея ярим оролидаги вазият «боши берк кўчага кириб қолган».

Хан Сон Рёль АҚШни фитналардан тийилиб туришга чақириб, агар Вашингтон урушни танласа, Пхеньян бунга тайёрлигини билдирди. «Агар АҚШ саёз ўйланган ҳарбий ҳаракатлар билан келса, Шимолий Кореянинг хавфни бартараф этувчи зарбасига дуч келади. Бизда кучли ядро воситаси бор», — деб эслатган дипломат.

Навбатдаги олтинчи ядро синови қачон амалга оширилишига доир саволга жавоб берган вазир ўринбосарининг қайд этишича, бу масала олий қўмондолик ихтиёридадир. «Портлаш раҳбарият бунга зарурат топган вақтда амалга оширилади», - деган Хан Сон Рёль.

Аввалроқ, Америка разведкасидаги бир неча юқори лавозимли мулозимларга таянган ҳолда, КХДРнинг ядро синови ўтказиши аниқ бўлса, АҚШ Шимолий Корея ҳарбий иншоотларига олдиндан зарбалар беришга тайёрлиги ҳақида хабар берган эди. 

Корея Халқ Демократик Республикаси АҚШ фитнасига қарши ядро зарбаси билан жавоб беради. Бу ҳақда Корея халқ армияси вице-маршали, Миллий мудофаа кенгаши аъзоси Чхве Рён Хе баёнот берди. У мамакат асосчиси Ким Ир Сен таваллуд кунининг 105 йиллиги муносабати билан ташкил этилган ҳарбий параддаги мурожаатида шундай таҳдидни билдирган. 

Вице-маршал сўзларига кўра, "Шимолий Кореянинг адолатли ядро қуроли Америка қуролини йўқ қилади". 

"Агар Америка фитна уюштирса, биз зудлик билан вайрон қилувчи ҳужум билан жавоб қайтарамиз. Тотал урушга – тотал уруш билан, ядро урушига – ядро зарбаси билан", — деган юқори лавозимли сиёсатчи ва ҳарбий. 

15 апрель куни Пхеньянда ҳарбий парад бўлиб ўтди. Рейтер агентлигига кўра, унда илк маротаба сувости кемалари баллистик ракеталари намойиш этилган.

 

Ёрлиқ