Истанбулда минглаб кишилар иштирокида норозилик намойиши ўтказилди
Мухолифатдаги асосий Халқ-республикачилар партияси якшанба куни Истанбулнинг Молтепа туманида кўпмингсонли намойиш ўтказди
Туркиянинг Истанбул шаҳрида минглаб кишилар иштирокида норозилик намойиши ўтказилди. Мухолифатдаги асосий Халқ-республикачилар партияси якшанба куни Истанбулнинг Молтепа туманида кўпмингсонли намойиш ўтказди ва Анқарадан Истанбулга қадар давом этган партия фаоллари ва унинг етакчиси Камол Қиличдарўғли билан 450 километрлик масофани босиб ўтган 25 кунлик «Адолат марши»ни якунлаб беришди. Бу ҳақда Туркияда чоп этиладиган Ҳуррият рўзномасининг интернет сайти хабар берди.
Халқ-республикачилар партиясидан сайланган депутат Энис Берберўғлига нисбатан чиқарилган ҳукмга қарши 15 июнь куни бошланган норозилик маршининг якуни депутат ҳибсда сақланаётган Истанбулнинг Молтепа туманида жойлашган қамоқхона олдида бўлиб ўтди. У Сурияга йўл олаётган Миллий истихборот ташкилотига тегишли юк машиналарининг тинтуви тафсилотларини матбуотга ошкор этгани учун 25 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Берберўғли суд ҳукми чиқарилганидан сўнг дарҳол ҳибсга олиниб, қамоққа ташланган.
Норозилик маршининг сўнгги икки километрида Қиличдарўғли одил судловни талаб қилиб шиорларни баралла айтиб турган тарафдорлари томонидан яратилган жонли йўлак бўйлаб одимлаган.
Митинг кучли хавфсизлик чоралари жорий этилган ҳолатда бўлиб ўтди. Чунки илгарироқ Туркия ҳукумати ИШИД террорчилик гуруҳининг Туркияда ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси рамзлари туширилган машиналарда митинг қатнашчиларига ҳужум қилишни режалаштирган олти нафар жангарисини қўлга олганини маълум қилган эди.