Россия АҚШнинг димломатия соҳасидаги кескин чораларига муносабат билдирди
Жорий йилнинг 23 август кунидан бошлаб Россиянинг бутун ҳудуди бўйлаб россияликларга ноиммиграцион визалар бериш тўхтатилади. 1 сентябрдан виза бериш қайта тикланади, бироқ фақат Россия пойтахтидаги элчихонада
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.
Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.
Бугунги суҳбатимиз “Россиянинг АҚШ томонидан дипломатия соҳасидаги кескинликни келтириб чиқаришга қаратилган чораларига муносабат билдириши”га доир мавзуга бағишланади.
Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
Америка қўшма штатлари Россия фуқаролари учун виза беришни тўхтатишга қаратилган баёнотидан сўнг, икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатлар кескин тус олди. 2017 йилнинг 23 август кунидан бошлаб Россиянинг бутун ҳудуди бўйлаб россияликларга ноиммиграцион визалар бериш тўхтатилади. 1 сентябрдан виза бериш қайта тикланади, бироқ фақат Россия пойтахтидаги элчихонада. Қолган шаҳарлардаги консулликларда виза бериш номаълум муддатга тўхтатиб турилади. Америка элчихонаси хабарида таъкидланишича, виза беришнинг тўхтатилиши "Россия Федерациясининг АҚШ дипломатик миссияси ходимлари сонини чеклашга доир қабул қилган чоралари билан боғлиқ". "Россия томонининг мамлакатда АҚШ дипломатик миссияси ходимлари сонини қисқартиришга доир қарори РФнинг икки томонлама алоқаларни яхшилашга бўлган ҳаракатлари жиддийлигига шубҳа уйғотмоқда. Биз дипмиссия ходимлари сонини дипломатик миссиянинг асосий функцияларни бажариш учун зарур бўлган даражада сақлаб қоламиз", - дейилади АҚШ элчихонасида.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШнинг россияликларга виза беришни чеклашига изоҳ бериб, Америка фуқароларининг Россия визаларини олишини мураккаблаштирмасликка ваъда берди. У Вашингтоннинг шундай қадамларига қарши айни шундай жавоб чоралари кўрилмаслиги ҳақида матбуот анжуманида баёнот берди. "Бизнинг жавоб чораларимизга тўхталсак, аввал айтганимдек, америкаликлар эълон қилган қарорни батафсил ўрганиб чиқиш керак. Аммо бир нарсани айта оламизки, биз ғазабимизни Америка фуқароларига сочмаймиз. Яъни, кимдир бу акс таъсир этишига ишонган бўлса, катта хато қилибди", — деган Лавров. Унинг фикрича, Америка ҳукуматининг қарори россиялик фуқароларнинг ўз ҳукуматига норозилик кайфиятини кучайтиришга қаратилган. "Бу мантиқ ҳаммага маълум — бу рангли инқилоблар ташкил этувчилар мантиғи ва бу олдинги давлат маъмуриятининг инерцияси", — деб қўшимча қилган Россия ташқи ишлар вазири. Лавровнинг ёдга олишича, 2016 йил охирида Америка томони бир гуруҳ россиялик дипломатларни чиқариб юбориб, "халқаро меъёрларга зид равишда Россия мулкини тортиб олган". Россия АҚШнинг бу қадамига ўша вақтда жавоб бермади, аксинча, Конгресс кенг қамровли санкциялар қабул қилганидан сўнг, жавоб чораларини қўллади.
Бироқ шуларга қарамай, Россия парламентининг юқори мартабали аъзоси Андрей Калимов Москва АҚШнинг Россия фуқароларига виза бериш хизматини кескин туширганига албатта жавоб қайтаради деб огоҳлантирди. Америка ташқи ишлар вазирлигининг Россияга қарши сўнги чоралари, Москвага қарши босимларни янада кучайтириш ва Вашингтоннинг душманона ҳаракатларини кенгайтиришга қаратилган стратегияси доирасида ҳамда Россия халқининг давлатга нисбатан норозилик кайфиятини келтириб чиқариш йўлида амалга оширилган. Жорий йилнинг 28 июл кунида Россия ТИВ мамлакатдаги Америка дипломатик миссияси ходимлари сонини 755 тадан 455тагача қисқартириш ва АҚШ элчихонаси ишчиларини Москвадаги дала ҳовли ва омборхонадан фойдаланишни таъқиқлаш ҳақида эълон қилган эди.
Кремл ўз баёнотда бу АҚШ Конгресси томонидан 27 июл куни Россияга қарши жазо чораларини кучайтириш тўғрисида қабул қилинган қарорга қарши жавоб эканлигини айтган эди. Россиялик сиёсий таҳлилчи Алексей Мохиннинг фикричи, Америкада Россияга қарши янги санкцияларни жорий этувчилар катта хатога йўл қўйишмоқда. Негаки, ушбу санкцияларни тузишда Россиянинг қизиқишлари ва хавотирлари умуман эътиборга олинмаган ва ушбу масалага бир ёқлама ёндашилган. Шундан келиб чиқиб, руслар Америка томонидан Россияга қарши янги жорий этган санкцияларини ошкора сиёсий жанг дея талқин қилишмоқда. Руслар Дональд Трампнинг АҚШ президенти этиб сайланганидан кейин Вашингтон ва Москва ўртасидаги алоқалар ва муносабатлар яхши ва ижобий томонга ўзгаришига умид боғлашган эди. Лекин, эндиликда вазият руслар тасаввур қилганидек эмас, аксинча кескин ва шиддатли тус олди. Россияга қарши қабул қилинган кескин чоралар ва янги санкциялар, Америка ва Россия алоқаларини салбий томонга буриб қўйди.
Шундан келиб чиқиб, Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар яхши бўлиш ўрнига яқин келажакда янада кескин тус олиши муқаррардир. АҚШ томонидан Россияга қарши янги санкцияларнинг киритилиши ва шунингдек, Москва ва Вашингтоннинг халқаро масалаларда хусусан Сурия ва Украина бўҳронидаги позицияларида ихтилоф ва келишмовчиликларнинг давом этишини эътиборга олиб ҳамда Америка конгрессининг Москвага қарши душманона қарашларининг ва стратегиясининг изчил давом этиши, Россия ва Американинг икки томонлама алоқаларида янги даврнинг бошланишига ва ҳозирги сиёсий танг вазиятнинг яхши томонга ўзгаришига умид қилмаса ҳам бўлади. Вашингтоннинг Москвага қарши адоват нуқтаи назари билан ва душманона чораларни қўллаш ҳаракатларининг давом этиши шуни кўрсатмоқдаки, Америка турли кўламда ва миқёсда русларни муаммога йўлиқтирмоқда ва қийин аҳволга солмоқда. Россиялик сиёсий фанлар бўйича мутахассис Сергей Роговнинг фикрича, бугун Россия ва Америка ўртасида янги совуқ уруши кетмоқда.
Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.