БМТ бош котиби роҳингя мусулмонларига Мьянма фуқаролигини беришга чақирди
(last modified Wed, 06 Sep 2017 12:23:48 GMT )
сентябр 06, 2017 17:23 Asia/Tashkent
  • БМТ бош котиби роҳингя мусулмонларига Мьянма фуқаролигини беришга чақирди
    БМТ бош котиби роҳингя мусулмонларига Мьянма фуқаролигини беришга чақирди

“Рокҳайндаги мусулмонларга уларга нормал ҳаёт кечиришга имкон берадиган фуқаролик ёки жуда бўлмаса вақтинчалик ҳуқуқий мақом бериш керак”, деб таъкидлаб ўтди Гутерриш.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Мьянманинг ғарбидаги Рокҳайн штатидаги вазиятдан хавотир билдирди ва Мьянма ҳукуматини у ерда яшовчи роҳингя мусулмонлари ҳуқуқий мақоми муаммосини ҳал қилишга чақирди. Гутерриш БМТ бош қароргоҳидаги матбуот анжуманда Хавфсизлик кенгашига штатдаги вазиятни тартибга солишга имкон берадиган чоралар таклиф қилинган мактубни топширганини айтди.  

Унинг айтишича, Мьянма ҳукумати “зўравонликка барҳам бериш учун қатъий ҳаракатлар”ни амалга ошириши лозим. “Рокҳайндаги мусулмонларга уларга нормал ҳаёт кечиришга имкон берадиган фуқаролик ёки жуда бўлмаса вақтинчалик ҳуқуқий мақом бериш керак”, деб таъкидлаб ўтди Гутерриш.

Гутерриш шунингдек ҳудуддаги гуманитар вазиятдан ҳам хавотир билдирди ҳамда мусулмон жангариларининг Мьянма армияси блокпостларига ҳужумлари ва хавфсизлик кучлари операцияларини қоралади. Унинг айтишича, бундан тинч аҳоли азият чекмоқда. БМТ бош котиби 125 минг нафар роҳингя қочқинларини қабул қилган қўшни Бангладеш ҳукуматига миннатдорлик билдирди.

Рокҳайн штати Мьянмада роҳингя мусулмонлари ихчам яшайдиган жой сифатида танилган. Мьянма ҳукумати уларни Бангладешдан келган ноқонуний муҳожирлар деб ҳисоблаб, мамлакат фуқаролари деб тан олишдан бош тортадилар. Штатда мусулмонлар ва маҳаллий буддавийлар ўртасидаги тўқнашувларга олиб келган диний негиздаги низолар бўлиб турган.